Ўзбекистонлик ёш олим Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA)да фаолиятини бошлади

Чоп қилиш ҳолати
Чор, 08/07/2019

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан ўзбекистонлик ёш олим Азиз Каримов Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA)да фаолиятини бошлади. Қийин иқлим ва экологик шароитларга эга ҳудудларда инновацион қишлоқ хўжалигини илгари суриш билан шуғулланувчи мазкур глобал марказ БАА Атроф-муҳит ва сув ресурслари муҳофазаси вазирлиги , Ислом тараққиёт банки, Абу-Даби Атроф-муҳит муҳофазаси агентлиги, шунингдек қатор донор ташкилотлари билан ҳамкорликда илмий-амалий тадқиқотлар дастурларини амалга оширади, 46 та давлатда имкониятларни ўстириш ва илм-фанни тарғиб қилиш билан шуғулланади.


Азиз Каримов Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA)нинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича ҳудудий идораси раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият юритади. У Марказий Осиё ҳудудидаги қишлоқ жойларида озиқ-овқат хавфсизлигини ва овқатланиш сифатини ошишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги, ишлаб чиқаришни ривожлантириш йўналишидаги дастурларни мувофиқлаштиради.

АҚШ Шимолий-шарқий университетининг иқтисодиёт бўйича магистри ва Германиянинг Бонн университетида фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олган Азиз Каримов ҳозиргача турли нуфузли халқаро ташкилотларда муваффақиятли фаолият юритиб келган. Ривожланиш соҳасидаги тадқиқотлар маркази (Германия, БМТ университети — Бутунжаҳон иқтисодий ривожланиш илмий-тадқиқот институти (Финляндия), Халқаро чорвачилик илмий-тадқиқот институтида (Вьетнам), Маккажўхори ва буғдой сифатини ошириш халқаро марказида (Туркия) у ҳар томонлама билимлар тўплаб, бой халқаро тажрибага эга бўлган.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили ICBA Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этишга кўмаклашганди. Марказ томонидан Орол денгизи ҳавзаси давлатларида “Инновациялар ва технологиялар алмашинуви бўйича халқаро платформа” ва илмий асосланган ҳудудий бошқарув механизми ишлаб чиқилган бўлиб, бу механизм барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун мамлакатларнинг стратегик режаларига мос равишда экологик хатарлар ва иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва мослашишга қаратилган.