Ўзбекистонда илк бор Қашқадарёда китоб монументи ўрнатилди

Чоп қилиш ҳолати
Душ, 07/08/2019

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

 Бугун, 8 июль куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги Қарши давлат университети рўпарасида илмга атаб рамзий маънода “Китоблар монументи” ўрнатилди. Ушбу монументнинг очилишига бағишланган тантанали тадбир нафақат талаба-ёшлар, балки бутун вилоят аҳолисида катта таассурот қолдирди. Бу ҳақда KUN.UZ’га вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур монумент қайсидир маънода мамлакатимиз бўйлаб ёшларни китобхонликка жалб этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми бўлди. 

12 дона энг нодир асарлар тўплами акс этган ушбу монументда ўзига хос рамзий маъно мужассам. Бу ерда Алишер Навоий, Абу Али Ибн Сино, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Орипов, Шароф Рашидов каби аллома ва мутафаккирлар билан бир қаторда “жавонга” Бальзак, Шекспир, Пушкин каби жаҳон адабиётининг етакчи намояндалари ҳам киритилган.

– Университетимиз қошида мана шундай монументнинг ўрнатилиши бизни тўлқинлантирди, – дейди Қарши давлат университети 2-босқич талабаси Шоҳсанам Абдушукурова. – Китоб бебаҳо неъмат экани барчамизга маълум, лекин уни қадрият даражасига кўтариб, тарихга муҳрлаш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Интернет саҳифаларида Германияда буюк немис ёзувчи-шоирларининг асарлари ҳурматига қўйилган монументни кўргандим. Ўзбек адабиётида ҳам шундай буюк ижодкорлар ва уларнинг асрларга татигулик асарлари борки, улар дунё тамаддунига таъсир ўтказа оладиган даражада кучли. Мана бугун рамзий маънода улар ҳурматига биз ҳам монумент ўрнатдик. Бу монумент нафақат китобхонликка даъват қилади, балки ҳар дақиқада ўзбек адабиётининг боқий эканлигини эслатиб туради.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рузиев қатнашди ва нутқ сўзлади.