Ўзбекистонда ерларни космик зондлашни 2020 йил охиригача якунлаш режалаштирилмоқда

Чоп қилиш ҳолати
Sun, 09/08/2019

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил охиригача космик зондлашни якунлаш вазифасини топширди. Ушбу масала қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда муҳокама қилинди. 

Бунда Беларуснинг OneSoil стартапи ёрдам беради.

Таъкидланишича, 2020 йил охиригача жорий йилда бошланган ишларни тўлиқ якунлаш зарурлиги кўрсатилган. Бу тупроқ ва экинлар реал ҳолатига ишончли баҳо беришга имкон беради. 

Ушбу тизим вегетация жараёни, тупроқнинг мелиоратив ҳолати ва минераллашув миқдори, намлик даражаси ҳақида тўлиқ маълумотларни бериб, ҳосилдорликни 25-30 фоизга ошириш имконини беради.  

Деҳқонлар ва экспортчилар бу тизим орқали қаерда қандай экинлар етиштирилаётганини кузатишлари мумкин, бу эса бизнес-режаларни дадил қуришга ва бозор конъюнктурасини баҳолашда ёрдам беради.

Бундан ташқари, масъул шахсларга қишлоқ хўжалиги статистикасини олиб бориш тизимини тубдан такомиллаштириш, жумладан экинларни жойлаштиришдан тайёр маҳсулотни сотишгача бўлган барча жараёнларга рақамли технологияларни жорий қилиш вазифаси топширилган.

Космик (масофавий) зондлаш ер юзасини турли хил тасвирга олиш жиҳозлари билан ер, авиация ва космик қурилмалар билан кузатиш ҳисобланади. Қурилмалар Ернинг табиий ресурсларини ўрганиш ва метеорология муаммоларини ҳал қилиш учун ишлатилади. Табиий ресурсларни ўрганиш учун улар асосан оптик ёки радар ускуналар билан жиҳозланган.