Табиатнинг яна бир мўъжизаси

Чоп қилиш ҳолати
Сеш, 03/10/2020

Ўзбекистон Республикаси ўсимлик дунёси бойлиги, биохилма-хиллиги билан бошқа давлатлардан фарқ қилади. Бугунги кунда Республикада 4380 дан ортиқ турдаги ўсимликлар мавжуд бўлиб, уларнинг 1200 га яқини тури дориворлик хусусиятига эга.

Ҳозирги кунда доривор ўсимликларнинг 112 тури амалий тиббиётда фойдаланилади. Диёримиздаги баъзи доривор ўсимликларнинг дориворлик хусусиятлари, уларнинг аҳамияти ва қиймати тўлиқ ўрганилмаган. Ана шундай ўсимликлар сирасига кирган, халқ орасида “Чўлдаги ҳаёт илдизи”, “Шумгиёҳ”, “Илончўп” номлари билан аталадиган Cistanche salsa (C.A.Mey.) Beck. ўта ноёб табиат мўжизаларидан бири ҳисобланади.

1.jpg

Ушбу ўсимликнинг диаметри 10 см қалинликдаги пояси доимий лансетсимон тангачалар билан кетма кет копланган бўлиб, бўйи 40 см га етадиган кўп йиллик ўт ўсимлик. Гуллари эса битта гул тўпламига жойлашган бўлиб, 5 см дан 25 см гача цилиндр шаклида март ойларида гуллайди. Гулларининг ранги ўсимликнинг турларига кўра турли хил, сарик, оч пушти, сиёхранг, оч қизғиш рангларда бўлади. Гултожлари кўзачасимон, чангчилари 3-4 мм узунликда, тумшуқчаси йўғон. Меваси иккига ажраладиган тухумсимон кўсакча. Асосан уруғи орқали кўпаяди. Шумгиёҳ ўсимлигининг ажабтовур хусусияти бу - хлорофил ишлаб чиқариш ва минерал моддаларни тупроқдан ўзлаштириш хусусиятига эга эмаслиги туфайли вегетация жараёнини мустақил равишда амалга ошира олмаслигидир. Шу сабабли ўсимлик барча керакли озуқавий моддаларни бошқа ўсимликлар илдизига ёпишиб (сўрғичлари орқали) озиқланади ва озиқланиш турига кўра 2 хил, яъни паразит ва ярим паразит бўлади. Паразит вакилларига сершох арабанхи ёки кунгабоқар кушандаси (Orobanche ramosa L), кўкимтир кушанда (Orobanche coerulescens Steph) ва бошқа турлари киради. Улар кунгабоқар, каноп, помидор, шувоқ, ловия ўсимликларида паразитлик қилади. Ярим паразит турларига, асосан шўрҳок цистанхе (Cistanche salsa), сариқ цистанхе (Cistanche flava), шубҳали цистанхе (Cistanche ambigua), чўл цистанхеси (Cistanche deserticola), найсимон цистанхе (Cistanche tubulosa) ва бошқа турлари киради. Ярим паразит турлари бута ва ярим буталар( саксовул, изен, янтоқ, жузғун) илдизи орқали озиқланади ва халқ табобатида кенг қўлланилиб келинмоқда.

2.jpg

Ўсимликнинг ботаник таксономиясини россиялик Карл Антон Мейер (1795-1855) ва австриялик Бек Гюнтер (Gunther Beck 1856-1931) ўрганган.

Шумгиёҳ - Cistanche salsa (C.A.Mey.) Beck. Шумғиядошлар (Orobanchaceae) оиласига мансуб бўлиб, дунёда ушбу ўсимликнинг 27 тури аниқланган.

3.jpg

Шумгиёҳнинг яна бир ажойиб хусусиятларидан бири, унинг чўл ва ярим чўл ҳудудларида ўсган ҳолда, қуёшнинг заррин нурларида авж олиб камалак рангидек тусланиши ва ой ёгдусида товланишидир.

Шифобахш биофаол моддалар унинг ер устки ва ер остки қисмида тўпланади. Шумгиёҳнинг ер устки қисми гуллаган даврида поясини бўйланмасига кесиб, қумлардан тозалаб йиғиб олинади, ҳамда очиқ ва соя жойда қуритилади. Ўсимликнинг таркибидаги биологик фаол моддалардан тайёрланган ҳақиқий ҳаётбахш эликсир, инсон иммун тизимини мустаҳкамлаш, хотирани кучайтириш, жигар циррози ҳамда бепуштликни даволаш хусусиятларига эга.

2345678.jpg

Япония ва Хитой тиббиёт университетларининг профессор олимларининг илмий изланишлари шуни кўрсатдики, шумгиёҳ даволаниши қийин бўлган касалликларга ҳам кучли таъсир этиб, юқори фамакотерапевтик натижалар кўрсатган. Шунингдек, Грузиялик олимлар шумгиёҳ ўсимлиги таркибидаги биологик фаол моддалар (цисгахлорин, цистанин ва стеринлар) турли хил таъсир ва касалликлар натижасида шикастланган жигар ҳужайраларининг регенерациясини кучайтиришини аниқлашган.

Шумгиёҳ ўсимлигидан тайёрланган дори воситалари ва доривор маҳсулотлар антиоксидант сифатида нерв системасини яхшилашда, организмдаги тонусни мўтадил бўлишида, суякларнинг тўғри ўсишида, яллиғланишга қарши, гепатопротектор ҳамда иммуномодулятор (экстракт, кукун, чой, капсула, таблетка ва х.к.) сифатида қўлланилиб келинмоқда.

Шумгиёҳ бош миядаги гипофиз безининг иш фаолиятини фаоллаштиради, натижада кексалик (қарилик) аломатлари секинлашади, ҳамда инсон хотираси ва ақлий фаолияти яхшиланади.

Бундан ташқари, Ўрта Осиё халқ табобатида умумий холсизликда, жинсий хасталикларда, бепуштликда, тери-таносил ва буйрак тош хасталикларида, нефрит, полинефрит, цистит, сийдик тош хасталикларида ҳам кенг қўлланилади. Шумгиёҳнинг дамламаси оғриқ қолдириш хусусиятига ҳам эга.

Ер остки қисми, яъни илон шаклидаги бақувват илдизларида алкалоидалар (никотин, холин), стеринлар, ёғ кислоталари, маннитлар, антоцианлар, феноллар, углеводлар бўлиб, халқ табобати ҳамда косметология саноатида ишлатилади.

Хитой олимлари ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра, шумгиёҳнинг кучи женьшендан 5 баробар юқори туради. Унинг таркибидаги кўпгина биологик фаол моддалар (органик кислоталар, иридоидлар, фенил этиноидлар, гликозидлар, цистанизоидлар, актеозоидлар, ацетозидлар, лигнанлар, сирингин, лириодендрин, олигосахаридлар, флаваноидлар) билан бир қаторда, бошқа ўсимликларда учрамайдиган ноёб моддалар (цисгахлорин, цистанин ва стеринлар)ни ҳам ўз ичига олади.

4.jpg

Ушбу ноёб ўсимлик Шимолий Aфрика (Пиреней ороллари), МДҲ давлатлари (Россия, Қозогистон), шунингдек Шарқий Осиёнинг Монголия, Хитой, Малайзия мамлакатларида учрайди. Япония, Хитой, Mонголия ва Mалайзия давлатларида ушбу ўсимлик хом ашёси юқори баҳоланиб, қайта ишлаш ва истеъмол қилиш бўйича дунё давлатлари орасида етaкчи ўринни эгалламоқда. Ҳозирда қўшни Қозоғистондаги тадбиркорлар томонидан табиатда ёввойи ҳолда ўсувчи шумгиёҳни хом ашё сифатида Хитой, Монголия, Жанубий Корея давлатларига экспорт қилинмоқда.

 

Бугунги кунда қўшни давлатлардан ушбу ўсимликдан тайёрланган дори воситалари, турли хилдаги дамлама ва чойлар юртимизнинг ички бозорига кириб келмоқда. Хусусан, Қозоғистоннинг “Top Life”, “Tea beverage”, “Drink Time”, Хитойнинг “Lost empire herbs”, “Ron Teeuardens Dragon Herbs”, “Jing Herbs Legendary tonics”, “Plum Dragon- Rou Cong Rong”, “Cictanche Deserticola”, “Na’vi Wild Harvest” каби маҳсулотлари дўконларимиз пештахталарида учрамоқда.

5.jpg
Бу турдаги ажойиб ўсимликнинг жаннатмакон диёримизда ўсиши табиатнинг бир инъомидир. Ушбу ўсимлик Амударё дельтаси, Бухоро, Қизилқум ва Устюрт кенгликларининг чўл ва ярим чўл ҳудудларида ёввойи ҳолда ўсаётганлиги илмий изланувчилар ва ишлаб чиқарувчилар учун катта имкониятдир. Шумгиёҳ ҳозирги кунда ўрмон фонди ерларида муҳофазага олиниб, белгиланган тартибда ҳимоя қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Айни пайтда юртимизнинг соҳа мутахасислари томонидан ноёб дориворлик хусусиятига эга бўлган шумгиёҳни илмий тарзда ўрганиш ва бирламчи етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш борасида бир қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида, Бухоро вилояти чўл тупроқлари шароитида табиий ҳолатда тарқалган шумгиёҳ ўсимлигини инновацион усуллар асосида уруғидан кўпайтириш ва етиштириш, ҳамда биологик фаол моддалар миқдорини ўрганиш йўлида илмий изланишларни мисол қилиши мумкин.

6.jpg

Хулоса қилиб айтганда, ноёб хусусиятлари туфайли юқори даражада дориворлик хусусияти бўлган, инсонларга эстетик завқ бағишлайдиган, табиат мўжизаси бўлган шумгиёҳ ўсимлигини фармацевтика, косметология ва озиқ-овқат саноатида кенг қўллаш учун илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш ва унинг натижаларини амалиётга жорий этиш лозим.

Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бўлими бошлиғи, қ.х.ф.н. А.Ахмеджанова

ТошДАУ профессори А.Ғаниев

ТошДАУ талабаси Ш.Эркабоева