Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги вазифа юкланади

Чоп қилиш ҳолати
Чор, 09/04/2019

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги 571-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғрисида низомнинг 11-банди “б” кичик банди қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи–ўн тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилиши мумкин:

“Қуйидагилар бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб боради:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари секторида юқори қўшилган қиймат занжирини яратишни рағбатлантириш мақсадида экинларни жойлаштириш ва қайта ишлашнинг самарали инфратузилмасини яратиш;

маҳсулотларни йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, ички ва ташқи бозорга етказиб бериш борасида хизмат кўрсатувчи замонавий агрологистика комплекслари ва марказлари тизимини шакллантириш;

агрологистика комплекслари ва марказларини жойлаштириш, қуриш, уларни бошқариш бўйича компанияларни ташкил этиш;

хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда агрологистика комплекслари ва марказларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро талаблар асосида, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тўлиқ синовларни ўтказиш имкониятига эга бўлган лабораториялар, божхона терминаллари ва бошқа хизматларни йўлга қўйиш;

кооперация иштирокчилари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини яратилаётган агрологистика комплекслари ва марказлари фаолиятига кенг жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини ошириш;”.

Маълумот учун, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда замонавий кооперация муносабатларини кенгайтириш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг қўшилган қиймати занжири яратилишини рағбатлантириш соҳасида ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

жаҳон бозорида талаб юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ва турларини кўпайтиришга доир таклифлар тайёрлайди;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш бўйича жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларнинг бартараф этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;

озиқ-овқат маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, хом ашё базасини кенгайтириш, замонавий қайта ишлаш, сақлаш қувватларини яратиш ва қайта ишлаш жараёнига илғор технологияларни жорий қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида иштирок этади;

қайта ишлаш ва сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини такомиллаштиришга доир ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот, узум, гўшт, сут, ёғ ва дон маҳсулотларига бўлган ташқи бозор талабини ўрганиб, таҳлил қилиш ва қайта ишланган маҳсулотлар брендларини шакллантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

тиббий меъёрларига кўра қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва таъминланиш даражасини ўрганиб боради ва таклифлар тайёрлайди;

мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш ва тизимли равишда сотиш, айланма маблағларни шакллантириш мақсадида кооперацияларни ташкил этиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатиб боради;

боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик, картошкачилик, пиллачилик, озуқа экинлари, доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида фан ва техника ютуқларини, ресурсларни тежайдиган замонавий ва интенсив агротехнологияларни, илғор тажрибаларни жорий қилади;

ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, юқори ҳосил берадиган қишлоқ хўжалиги экинларини турлари бўйича ҳамда мевали, ток ва тут кўчатларини маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жойлаштиради;

аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларга бўлган талабини ўрганиш ва ҳудудларда маҳсулотларини сақлаш омборхоналари ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш бўйича таклифлар, манзилли дастурини тайёрлайди ва ушбу йўналишларга хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;

ички ва ташқи бозорларда пилла маҳсулотларининг рақобатбардошлигини, қайта ишлаш корхоналарини барқарор ва самарали ишлашини таъминлаш борасида амалий-услубий ёрдам кўрсатади;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш тизимида замонавий кооперация муносабатларини кенгайтириш ва йўлга қўйиш орқали қўшимча қиймат яратишни янада кўпайтиришни рағбатлантириш бўйича тавсиялар тайёрлайди.